Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский 22 апрель куни Украина томони билан «бир нечта узоқ давом этган музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди. Ҳозирда Украинанинг нейтраллик ва ядросизлик мақоми, хавфсизлик кафолатлари ҳамда «маданиятларга нисбатан ўзаро ҳурмат» масалалари юзасидан муҳокамалар давом этмоқда. Украинанинг урушдан кейинги чегаралари музокараларнинг асосий масаласи бўлиб қолмоқда.
Украинадаги уруш оқибатлари туфайли март ойида жаҳон бозорида буғдой, маккажўхори ва ўсимлик ёғи нархлари рекорд даражага кўтарилди, дея маълум қилди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти. Шунингдек, шакар, гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари индексида сезиларли ўсиш кузатилган. Ташкилот 2022 йилда глобал миқёсда дон маҳсулотлари етиштириш ва истеъмол бўйича прогнозларини тақдим этди.
Ўзбекистон Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича резолюцияга қарши овоз берди. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов бундай қарорлар «гумонланаётган инсон ҳуқуқлари бузилишининг пухта тергови натижасига» асосланган бўлиши кераклигини таъкидлади. Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари вакиллари ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқишди. CNN Россия ташкилот аъзо-давлатларига резолюцияга овоз бериш «оқибатлари» ҳақида огоҳлантириб, нота жўнатганлигини таъкидлади.
Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, дея маълум қилди Қозоғистон ПА раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов. Унинг қайд этишича, Қозоғистон зиддиятда қайсидир тарафни «на ҳарбий, на сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламайди», бироқ Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади. Шу билан бирга, Қозоғистон Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун восита бўлмайди ҳамда Россия ва Беларусга қўйилган чекловларга риоя қилади.
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларнинг Мариуполь металлургия комбинатида ушлаб турилгани ҳақидаги мурожаати тарқалди. Ўзбекистон ТИВ улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан эвакуация қилингани ва ватанга қайтаётганини маълум қилди.
24 февралдан 1 апрелга қадар Украинадаги уруш оқибатида 1276 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 1981 киши яраланди. Бу БМТ томонидан тасдиқланган рақамлар, асл ҳолат бунданда кўпроқ бўлиши мумкин. Украина бош прокурори жума куни соат 8:00 ҳолатига жами 153 нафар бола ҳалок бўлгани ва 245 нафар бола жароҳат олганини қайд этди.
Украинадаги уруш натижасида бир марталик иқтисодий йўқотишлар қиймати 564,9 млрд долларга етди, дея маълум қилди Украина иқтисодиёт вазири. У «рақамлар ўсишда давом этишини» таъкидлади. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, уруш натижасида Украина иқтисодиётининг 35 фоизга пасайиши кутилмоқда.
Украина Россиянинг ҳарбий операцияси сабаб икки ҳафта ичида 100 млрд долларлик зарар кўрганлиги айтилди, бу мамлакат ЯИМнинг ярмига тенг. Уруш сабаб Украинадаги корхоналарнинг 50% фаолиятини тўлиқ тўхтатган.
Музокараларнинг иккинчи раунди натижасида Украина ва Россия тинч аҳолини эвакуация қилиш ва жанговар майдонларга дори-дармонларни етказиб бериш учун гуманитар йўлакларни ташкил этишга, шунингдек, «гуманитар коридор секторида эҳтимолий вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга» келишиб олди.
Умумий ҳисобда 1859 нафар Ўзбекистон фуқароси Польша орқали Украинадан эвакуация қилинди. Яна 1100 ўзбекистонлик Польша ҳудудида қолмоқда.
Россия Украинадаги махсус операция бошидан бери 498 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини ва 1597 нафари жароҳатланганини маълум қилди. Шунингдек, Россия томони Украинанинг йўқотишлари 2870 нафар одамдан кўпроқлигини таъкидламоқда. Украина расмийлари бошқа рақамларни тақдим қилишган.
Россия ҳаво ҳудудларида РФ ҳаво кемалари парвозларини чеклаган 37 та давлат самолётлари учун ўз осмонини ёпди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов элчихона микроавтобусининг олд ойна ва ён томонни кўрсатувчи ойналарига снаряд парчаси зарар етказганини маълум қилди. «Шрапнель тушган дейишди», — деди у.
Россия Марказий банки асосий ставкани 9,5 фоиздан 20 фоизга оширишга қарор қилди. Марказий банк баёнотида қайд этилишича, бу молиявий ва нархлар барқарорлигини сақлаш, фуқаролар жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Мамлакат Молия вазирлиги экспортчиларга валюта тушумининг 80 фоизини сотиш мажбуриятини юклади.
Киев яқинидаги Гостомель аэропортида турган дунёдаги энг катта Ан-225 «Орзу» самолёти Россия ҳарбийлари томонидан йўқ қилинди. Уни реставрация қилиш учун 3 млрд доллар ва 5 йилдан зиёдроқ вақт кераклиги маълум қилинди.
Ўзбекистон ТИВ Украинадаги ўзбекистонликларни Польша орқали эвакуация қилиш учун биринчи рейсни 28 февралда амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда 600 нафардан ортиқ фуқаролар Польша чегарасига етказилган, уларнинг 110 нафарга яқини чегарани кесиб ўтган.
АҚШ президенти Жо Байден Давлат департаментига Украина учун 600 млн долларлик ёрдам ажратишни топширди. Ушбу маблағларнинг 350 млн доллар мудофаа соҳасига йўналтирилади.
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳарбийларига ҳокимиятни ўз қўлларига олишни таклиф қилди. «Сизлар билан келишувга эришишимиз осонроқ кўринади», — деди у.
«Қонхўр тажовузкор, варварларча қилинган авантюра», «шафқатсиз ҳужум», «халқаро тартиб учун оқибатларга олиб келадиган вазият» — дунё етакчилари Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралади. АҚШ, Буюк Британия, Канада, Европа Иттифоқи, Япония янги санкцияларни эълон қилди.
«Газета.uz» Россия эрта тонгдан ҳарбий босқин бошлаган Украинада яшовчи аҳоли билан суҳбатлашди. Мақола қаҳрамонлари — баъзилари аноним, баъзилари эса ҳақиқий исмлари билан — ўз шаҳарларида содир бўлаётган воқеалар ва маҳаллий ҳокимият томонидан қандай чоралар кўрилаётганини сўзлаб беришди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг